Маданий мерос агентлигига музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан парламент сўрови юборилган.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида мазкур парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Агентлик томонидан Миллий музей фондининг электрон каталоги тизими яратилиб, унга 46 давлат музейи бириктирилган. Музейларнинг 1,2 миллионга яқин ашёси ушбу каталогга киритилган.

Ҳукумат қарори билан ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) давлат музейларига бепул киритилиши белгиланган.

“Мозийга саёҳат” дастури доирасида 800 мингдан ортиқ аҳолининг музейларга қўшимча ташрифи ташкил этилган. Шундан 82 минг нафари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслардир. 113 минг нафари давлат ташкилотлари ва муассасалари ходимлари, 605 нафари ўқувчи ва талаба ёшлардан иборат бўлган.

“Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси йўлга қўйилиши натижасида 3,4 мингта ашё ва буюмлар аҳоли томонидан музейларга беғараз топширилган. Шунингдек, Маданий мерос агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2022 йилда 23 та (307 млн), 2023 йил 1 июнга қадар 106 та (2,4 млрд) ашё харид қилинган.

Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура томонидан тасдиқланган қўшма манзилли режага асосан республикада мавжуд давлат музейларида хатлов ишлари олиб борилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар томонидан музейлар соҳасидаги айрим муаммо ва камчиликларга эътибор қаратилди. Жумладан, музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ ҳолда бўлиб, уларнинг сони юздан ортиқни ташкил этаётгани, соҳани тартибга солувчи яхлит қонун қабул қилиш ҳамда унда ваколатли органни аниқ белгилаш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи,  И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида 2022 йилда ташкил этилиши белгиланган Реставрация лабораториялари фаолияти ҳали йўлга қўйилмаган.

Музейлар бинолари таъмирталаб ҳолатда, айримларида иситиш ва совитиш тизими ишламайди. Моддий техник базаси  эскирган. Инновацион технологиялар жорий этилмаган. Музейлар экспозицияси, техник жиҳозлари музей талаблари ва стандартларига мос келмайди.

Музей фондини сақлаш ҳолати ҳарорат ва намлик даражасига ҳамда хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Экспонатлар кўргазмаси учун жой йўқлиги сабабли кўплаб ноёб ашёлар омборхоналарда қолиб кетмоқда.

Музейларда ойлик маошларининг пастлиги кадрлар қўнимсизлигига сабаб бўлмоқда.

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейига 2021 йилдан буён Тошкент шаҳрининг Адиблар хиёбони – “Маънавият” шаҳарчасида  янги бино қурилиши таъкидлаб келинмоқда. Бироқ, ҳалигача мазкур масала ўз ечимини топмаган. Музейни таъмирлашни назарда тутувчи Президент ҳамда Ҳукумат қарорлари ижроси таъминланмаган. Музей биносида шароит йўқлиги сабабли унда сақланаётган 69 минг 575 та ноёб ашё хавф остида қолмоқда.

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида музей ходимлари учун хона мавжуд эмас. Ходимлар экспозиция учун мўлжалланган хонада фаолият юритмоқда. Шунингдек, музей фондидаги экспонатлар учун ҳам жой етишмайди.

Давлат уй музейларида ҳам ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжуд. Хусусан, Тамара хоним уй-музейи капитал таъмирга муҳтож, томдан сув оқади, поллар яроқсиз ҳолатда, электр билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Музейларда чипталар сотишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, киришда электрон ҳисобга олиш тизимига эга турникетлар ўрнатиш ишлари якунига етказилмаган.

Музейлар соҳасидаги қонунбузилиши, келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитлар таҳлил қилинмаган. Миллий музей фондининг Давлат каталоги босма шакли чоп этилмаган.

Музейлар фондига аҳолидан бадиий қимматга эга ашёларни сотиб олиш учун ажратилиши зарур бўлган маблағлар ўз вақтида ажратилмаган. Хусусан, бу ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида кузатилган.

Мажлисда кўтарилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА