Пойтахтимизда “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. 
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур конференцияни Федерация раиси Қудратилла Рафиқов кириш сўзи билан очиб, халқаро ҳамкорларга конференция ишида иштирок этаётгани ҳамда ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий ҳимоя ишлари билан халқаро ҳамжамиятни таништириш бугунги халқаро конференциянинг асосий мақсади эканини таъкидлади.
Конференциянинг иккинчи қисмида Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроунинг анжуман иштирокчиларига табриги ва видеомурожаати намойиш қилинди.
Бош котиб табригида конференция иштирокчиларини бутун дунё меҳнаткашлари, жумладан ХКУКга аъзо ҳисобланувчи 270 миллион нафардан ортиқ ишчи-ходимлар номидан табриклаётганини алоҳида таъкидлади. Кейинги пайтларда Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқи борасида катта ишлар амалга оширилгани, хусусан, болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани эътироф этилди. Ўзбекистон халқаро ташкилотлар учун ҳамкорлик ва ўзаро мулоқот учун очиқ давлатга айлангани ҳам муҳим омил сифатида қайд қилинди.
Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Бақитжан Абдираимнинг фикрича, мазкур анжуманга жуда муҳим мавзу танланган. Ижтимоий ҳимоя масаласи ҳар бир мамлакат, шу жумладан Қозоғистон учун ҳам муҳим ҳисобланади. Ўзбекистонда йилларни номлаш анъанаси эътиборимни тортди. Айниқса, “Халқ билан мулоқот ваа инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган йилда амалга оширилган катта ҳажмдаги ишлар эътирофга лойиқ.
Манба: “Ишонч” газетаси