Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор масалалар муҳокама қилинмоқда.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов дастлаб давлатимиз раҳбарининг Эронга ташрифи хусусида тўхталди:
— Хабарингиз бор, 18 июнь куни мамлакатимиз Президенти расмий ташриф билан Эронда бўлиб қайтди. Эрон билан Ўзбекистон ўртасида кўп асрлик тарихий алоқалар бор. Яъни, халқларимиз ўртасидаги азалий маданий-тарихий алоқалар Ўзбекистон-Эрон муносабатларини ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон раҳбарининг Эронга ташрифи икки томонлама алоқаларни кенг қамровли ҳамкорлик даражасига кўтариши шубҳасиз. Ташриф давомида Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Албатта, ушбу ҳужжатларни ҳаётга изчил татбиқ қилишда парламентимизнинг ҳам алоҳида ўрни бўлмоғи лозим. Икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳам яқин ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бу борада Эрон Ислом Республикаси парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим бўлади. Парламентлараро гуруҳ аъзоларидан бу борадаги ишларни доимий назоратга олишларини сўраймиз.
Шунингдек, ташриф давомида эришилган келишувларнинг ижроси масъул вазирлик ҳамда идоралар томонидан амалга оширилишини Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси назорат қилиб бориши мақсадга мувофиқ, — деди Спикер.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА