Жорий йилнинг 19 июнида “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини тубдан такомиллаштириш мақсадида ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология ёрдамини кўрсатишнинг ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилади.

Бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматлари интеграция қилинади. Руҳий ҳолати бузилган шахслар дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминланади. Аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг руҳий саломатлиги мустаҳкамланади.

2023 йилнинг 1 июлидан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилади.

2023 йилнинг 1 августидан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тиббий психолог, стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида – суицидолог, стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида – қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этилади.

2023/2024 ўқув йилидан “Психиатрия”, “Тиббий психология” ва “Наркология” клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади.

2023 йилнинг 1 июлидан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларидаги психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилади.

 

ЎзА