Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейига бағишланган тантанали тадбир ва концерт дастури бўлиб ўтди.
Унга туркий давлатларнинг санъат ва маданият, сайёҳликка оид вазирлик ва ташкилотлари, халқаро тузилмалар, дипломатик корпус вакиллари, адабиёт, санъат ва маданият намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ўтказилаётган маданият кунлари иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Туркий ташкилотлар бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев бундан 30 йил аввал ташкил этилган ТУРКСОЙ ташкилоти жаҳонда ўз нуфузи ва обрўсига эга бўлиб бораётгани, унинг ҳамкорлик ёрдамида тараққиёт сари интилишдек эзгу ғояси дунёда тобора долзарблик касб этаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсат соҳасида олиб борилаётган очиқ ва конструктив, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган янгиланиш жараёнлари қўшни ва қардош давлатлар билан самимий, дўстона, ўзаро биродарлик, яхши қўшничиликка, ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларни йўлга қўйишда муҳим асос бўлмоқда. Бу жиҳатлар туркий тилли давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини илгари мисли кўрилмаган тарзда янги босқичга олиб чиқиш имконини бергани билан ҳам аҳамиятлидир.
Бу йил Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ташкил этилганига 30 йил тўлди. Ушбу сана ташкилотга аъзо мамлакатларда кенг тантана қилинмоқда. Олмаотадан бошланган байрам тўлқини Бишкекдан куч олиб, Тошкентга етиб келди.
Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллик юбилей тантаналарига бағишланган “Турк дунёси” номли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси, туркий дунё халқларининг миллий ошхоналарига оид гастрономик намойиш ташкил этилди. Туркий тилли давлатларнинг нуфузли халқаро ташкилотлари раҳбарлари ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида маданият ва санъат, ноширлик, медиа, туризм каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга оид мулоқот ва учрашувлар бўлиб ўтди.
– Сир эмаски, сўнгги йилларда туркий дунё мамлакатлари орасидаги дўстлик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков. – Жумладан, маданият соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқди. Ўзаро ҳамжиҳатликда ўзаклари бир нуқтага туташувчи қадим туркий маданиятни ривожлантириш йўлида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда, муносабатлар тобора мустаҳкамланмоқда.
Умумий тил ва муштарак қадриятлар бирлиги асосида шаклланган Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ доирасида бугунги кунда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Таъкидлаш жоизки, туркий тилли халқларнинг маънавий қадриятлари ва тарихий-маданий меросини халқаро даражада сақлаш, ўрганиш ва оммалаштиришда ТУРКСОЙ ташкилоти муҳим ўрин тутади. Айни пайтда ушбу тузилма тили, маданияти, анъаналари, тарихи, ҳаёт тарзи муштарак халқлар учун ўзига хос мустаҳкам ва ишончли маънавий кўприкка айланиб улгурди.
Мазкур нуфузли тузилма бош котиби Султон Раевнинг таъкидлашича, кейинги йилларда ТУРКСОЙ фаолияти тобора равнақ топиб бораётир. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туркий тилли давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга оид ҳаётий ташаббус ва ғоялари, мазкур ташкилотнинг фаол қўллаб-қувватланаётгани ўзига хос аҳамият касб этаётгани диққатга сазовордир. Бу кунлар аждодларимиз, ота-оналаримиз, жадидлар орзиқиб кутган кунлардир. ТУРКСОЙ туркий халқларнинг олтин кўпригига айланди.
Бугун тобора глобаллашиб бораётган дунёда турли хатар ва таҳдидларнинг олдини олишда, халқлар ўртасидаги дўстлик, аҳиллик, яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик алоқаларини тобора мустаҳкамлашда фаолиятининг асосини эзгулик, маърифат, ҳамкорлик каби олижаноб ғоялар ташкил этувчи ТУРКСОЙ тузилмасининг ўрни ва аҳамияти ўзига хос бўлмоқда. Унинг платформасида ўтказилаётган ижодий лойиҳалар, фестиваллар, ижодий танловлар, форумлар, йирик анжуманлар илдизлари умумбашарий эзгу ғоялардан сув ичган халқларни ягона мақсад сари бирлаштирмоқда. Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган тадбирларда бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Тантанали тадбирда туркий тилли давлатларнинг бадиий жамоалари, санъат усталари ва ижрочи ёшлари иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири