Давлат байроғи – мустақиллигимиз рамзи. Унда миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш борасидаги эзгу ғоямиз, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, орзу-мақсад ва интилишларимиз акс этган. У ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини мужассам қилган.
Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Ушбу ҳужжат билан фуқароларнинг Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтириш мақсадида амалдаги Қонунга бир неча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши таклиф этилмоқда.
Жумладан, давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам байроғимизга нисбатан зарур ҳурматни таъминлаган ҳолда фойдаланилишга рухсат бериш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкинлигини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасига тегишлилик белгиси сифатида Давлат байроғи ва унинг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан расмий халқаро тадбирларда фойдаланишда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахслар томонидан кийим-кечак ва фарқловчи нишонларда қўллашда, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлашда фойдаланишга рухсат бериляпти. Қолаверса, Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қизғин муҳокама қилинди. Депутатлар қонун лойиҳасининг ғоятда муҳимлиги ва зарурлигини айтиб, унинг қабул қилиниши орқали фуқаролар ундан ўз хонадонларида, иш жойларида эркин фойдаланиши мумкинлигини, жамиятда мамлакатимизга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини ва ватанпарварлик ҳиссини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда яна бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан маъқулланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА