Тошкентда – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси биносида ушбу ташкилот фаолият бошлаганининг 19 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

ШҲТ бугунги кунда ер юзидаги энг йирик ва нуфузли трансминтақавий тузилмалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Дунёнинг қарийб ярим аҳолиси истиқомат қиладиган ҳудудни, Хитой, Ҳиндистон, Россия сингари жаҳоннинг қатор қудратли давлатлари ва жаҳон геосиёсий ҳаётида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётган, сайёрамизнинг улкан стратегик аҳамиятга эга минтақаларидан бирига айланиб бораётган Марказий Осиёдаги аксарият мамлакатларни бирлаштирган, эндиликда турли қитъалардаги йирик давлатлар томонидан жиддий қизиқиш билдирилаётган мазкур тузилма таъсир доираси йил сайин кенгайиб боряпти. МАТТ эса ташкилотнинг доимий фаолиятдаги саноқли бўлинмаларидан биридир.

Тадбирда қатор халқаро ташкилотлар, ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари, ШҲТнинг Тошкентдаги Халқ дипломатияси маркази, мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги, ШҲТга аъзо, кузатувчи ҳамда мулоқот бўйича шерик давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, аъзо давлатларнинг ШҲТ МАТТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев ўз сўзида тузилманинг ташкилот таркибида мунтазам фаолият кўрсатувчи идораси сифатидаги асосий вазифаларига қисқача тўхталди. Шу билан бирга фаолият олиб бораётган тарихан қисқа даврда МАТТ ШҲТни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшганини, минтақавий ва глобал миқёсда терроризм, сепаратизм ва экстремизм каби иллатларга қарши кураш ишида Ташкилотнинг мустаҳкам ўзагига, мувофиқлаштирувчи марказига айланганини таъкидлади.

Келгусида ҳам ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси томонидан ваколатли идоралар ҳамкорлигини такомиллаштириш, аксил террор фаолиятнинг амалий мазмун-моҳиятини янада бойитиш, самарадорлигини янада ошириш имконини берадиган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши тасдиқланди.

Ғайрат Хонназаров, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА