Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 20-24 июнь кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида Қозоғистон маданият кунлари, унинг доирасида Тошкент шаҳрида 20-23 июнь кунлари Қозоғистон киноси кунлари бўлиб ўтади. Тадбир дастурига биноан, 20 июнда Тошкентдаги “Туркистон” санъат саройида Қозоғистон маданият кунларининг очилиш маросими ва Р. Багланова номидаги “Қозоқконцерт” давлат муассасаси ижодий гуруҳининг концерт дастури ўтказилади. Концерт дастурида Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб Алишер Каримов, халқаро танловлар совриндорлари Рухия Байдукенова, Мади Сиздиков, “Гулдер”, “Туран” фольклор-этнографик ансамблларининг чиқишлари намойиш этилади.

20-23 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги киносарой залларида “Султон Бейбарс”, “Мукагали”, «Доц.Мукасан», “Время патриотов”, “Паралимпиячи”, “На старте”, “Лето 1941 года” бадиий фильмлари, “Кенжа қиз”, “Бесик жири”, “Амен аға ағаши” мультфильмлари намойиши бўлиб ўтади.

21 июнь куни “Туркистон” санъат саройида Р. Багланова номидаги “Қозоқконцерт” давлат муассасаси ва Ўзбекистон давлат филармониясининг Ўзбекистон миллий симфоник оркестри билан ҳамкорликдаги қўшма “Folk&Symphony” концерти ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, 22 июнь куни Самарқанд вилоят санъат саройида, 23 июнь куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази концерт саройида Р. Багланова номидаги “Қозоқконцерт” давлат муассасасининг концерт дастури ташкил этилиши, унда Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Алишер Каримов, халқаро танловлар совриндорлари Рухия Байдукенова, Мади Сиздиков, “Гулдер” ансамбли, “Туран” фольклор-этнографик ансамблининг чиқишлари намойиш этилиши белгиланган.

23 июнь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Қозоғистон маданият кунларининг ёпилиш маросими ва Абай номидаги Қозоқ миллий опера ва балет театрининг “Абай” спектакли саҳналаштирилиши режалаштирилмоқда.

 

Н. Усмонова, ЎзА