Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Ҳайитов ушбу саволга батафсил жавоб берди.
Унинг қайд этишича, 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратишни режалаштирган тадбиркорлар билан – туман (шаҳар) ҳокими ва унинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан шартномалар тузилади.
101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратишни режалаштирган тадбиркорлар – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан, 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратишни режалаштирган тадбиркорлик субъектлари билан – Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири томонидан «Ҳамкорлик шартномалари» тузилиши белгиланган.
«Ҳамкорлик шартномаси» 3 йилгача муддатга тузилади ҳамда унда назарда тутилган мажбуриятлар бажарилмаганида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар ўрнатилган тартибда бекор қилинади ва имтиёз қўлланилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолган суммалар қайтариб олинади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун зарур маблағлар ва инфратузилма билан таъминлаш йўналишида ишсиз фуқароларни касбга ўргатиш ва ўз ишчиларининг малакасини ошириш бўйича ўқув марказларини қуриш ва жиҳозлаш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
“Касб эгаси” дуал таълим тизими тажриба тариқасида ишга туширилади. Ушбу тажрибанинг биринчи босқичи 2023/2024-ўқув йилида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 3-4-курс талабалари учун жорий қилинади.
Дастур доирасида 2023-2024 йилларда ажратилган маблағлар ҳисобидан камбағал оилаларнинг аъзоларини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит бериш режалаштирилган. Қолаверса, тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши кўзда тутилган.
Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифадир.
Ш.Маматуропова, ЎзА