Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида замонавий бешкураш бўйича ўтказилган Марказий Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 тадан олтин, кумуш ва бронза, жами 6 та медални қўлга киритди. U-19 ёш тоифасида Александр Кукуанудис 1136 балл билан Қирғизистон ва Қозоғистон вакилларини ортда қолдириб, олтин медаль соҳибига айланди. Ушбу ёш тоифасида кечган баҳсларда ҳамюртларимиз Самира Абзалова олтин, Кира Сой кумуш медалга эга чиқди.
Мазкур ёш тоифасидаги жамоавий дастурда Александр Кукуанудис, Аслиддин Бахтиёров, Азизбек Мўминовдан иборат йигитларимиз ҳал қилувчи баҳсда кумуш медалга сазовор бўлди.
Мусобақанинг катталар ўртасидаги беллашувларида ўз омадини синаб кўрган Самира Абзалова учинчи поғонадан жой олган бўлса, йигитларимиз катталар тоифасида бронза медали билан тақдирланди, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.
Т. Рўзиев, ЎзА