Хитойда қиличбозлик бўйича Осиё чемпионати ўтказилмоқда.
Қитъанинг энг кучли қиличбоз спортчилари жам бўлган мусобақанинг аёллар ўртасидаги сабля йўналишида кечган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Зайнаб Дайибекова олтин медални қўлга киритди.
Мусобақадаги иштирокини плей-офф босқичидан бошлаган Дайибекова саралашда Вьетнам, Хитой, Австралия вакилларини доғда қолдирди. Ярим финалда ҳиндистонлик Бхавани Чадалавадани, финалда эса уч карра жаҳон чемпионати совриндори, Токио-2020 Олимпиадаси бронза медали соҳиби жанубий кореялик Жису Юнни кумуш медаль билан кифоялантира олди ҳамда қитъа чемпиони сифатида шоҳсупадан жой эгаллади.
Айтиш лозим, Токио-2020 олимпиадаси иштирокчиси Зайнаб Дайибекова илк бор катталар ўртасида қитъа чемпионати олтин медалига сазовор бўлди.
Қитъа чемпионати баҳслари 22 июнга қадар давом этади.
Т. Рўзиев. ЎзА