Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш тартиби, мутахассислар тайёрлаш жараёни юзасидан овозли чат бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлигининг ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси ҳарбий таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи, подполковник Мунавваржон Мамаюсуповнинг таъкидлашича, ёшлар ҳарбий хизматга ва ҳарбий олий ўқув юртларига қонунчиликда белгилаб қўйилган талабларга жавоб берсагина қабул қилинади. Йигитлар жисмонан соғлом кўринсада, соғлиғида нуқсони бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳарбий хизмат ёшидаги йигитларнинг, энг аввало, ахлоқий, руҳий ҳолатлари ўрганилади, – деди М.Мамаюсупов. – Ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан талабга жавоб берганидан сўнг ҳарбий хизматга ва олий таълим муассасаларига қабул қилинади. Ҳозирги кунда юртимизда ҳарбий хизматга бориш жараёни пуллик эмас. Фақатгина бир ойлик сафарбарлик чақирув резервига бориш пуллик асосда амалга оширилади.

– Ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун абитуриентлар қайси талаблар асосида синовдан ўтади? Синовлар қачондан бошланади?

– Ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи ўқувчиларни саралаш ва қабул қилиш тадбирлари босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи навбатда, абитуриентнинг яшаш жойидаги туман, шаҳар, мудофаа ишлари бўлинмаларига танлаган олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш тўғрисида ариза берилади. Бу жараён 1 февралдан 31 мартгача амалга оширилади. Кейинги босқичда номзодлар вилоят мудофаа ишлари бошқармаларида 31 апрелдан 31 майга қадар график асосида кўрикдан ўтказилади. Ундан кейинги жараёнларга эса жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якуний тиббий кўрикдан ўтказиш кирди.

Индивидуал психологик ўрганиш жараёнлари давомида ўқишга кириш учун ариза ёзган номзодлар психологик жиҳатдан ўрганилади. Бунинг учун махсус тест ишлаб чиқилган. Тест синовлари июль-август ойларида амалга оширилади ва улар вилоят марказларидаги махсус ёпиқ павильонларда ўтказилиши режалаштириляпти.

Нигора Раҳмонова,

Аброр Содиқов (видео), ЎзА