Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри дунёнинг энг кучли шахматчилари иштирокидаги жамоалар ўртасида ўтказиладиган “Глобал шахмат лигаси”(ГШЛ) мусобақаларига мезбонлик қилади.

Мазкур нуфузли турнир ўтказилиши олдидан дунёнинг бир қатор шаҳарларида “Глобал шахмат лигаси” тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Жумладан, шу кунларда Нью-Йорк, Лондон, Париж ва Берлин шаҳарларида шахмат юлдузлари турнири, унда қатнашишга ҳозирланаётган шахматчилар тўғрисида тақдимот тадбирлари давом этмоқда.

Жаҳон шахматининг энг номдор вакиллари қатнашадиган мазкур турнирда ҳар бир жамоа 4 нафар эркак ва 2 нафар аёл гроссмейстердан иборат этиб белгиланган.

Жорий йилнинг 21 июнь кунидан бошланадиган “Глобал шахмат лигаси” турнирида мамлакатимизнинг икки нафар иқтидорли шахматчиси иштирок этади.

Нодирбек Абдусатторов мазкур мусобақада Ян Непомняший (Россия), Тимур Ражабов (Озарбайжон), Тан Чжонгйи (Хитой), Нино Бациашвили (Грузия), Раунак Садхвани (Ҳиндистон)дан иборат “Balan Alaskan Knights“ жамоаси таркибида ҳаракатланса, истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров Максим Ваше-Лаграв (Франция), Видит Сантош Гуджрати (Ҳиндистон), Александр Гришук (Россия), Конеру Хампи (Ҳиндистон), Харика Дронавалли (Ҳиндистон) билан “upGrad Mumba Masters” жамоаси таркибида дона суради.

“Глобал шахмат лигаси” дунёдаги биринчи ва энг йирик расмий турнир бўлиб, унда жаҳон шахматининг ёрқин юлдузлари ноёб жамоа форматида рақобатлашади. ГШЛ бир жамоада ўйнайдиган эркаклар ва аёллар шахмат чемпионларини намойиш этади.

Жаҳон шахмат лигасининг биринчи баҳслари 2 июлгача давом этади. Биринчи мавсум беллашувларида олтита жамоа ўнта айланма ўйин ўтказади. Шундан сўнг иккита энг яхши жамоа ўртасида финал баҳси бўлиб ўтди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА