АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Пекинга ташрифи чоғида Хитой расмийлари Америка томони билан “айрим аниқ масалалар бўйича илгари силжиш”га эришди. Бу ҳақда ХХР Раиси Си Цзиньпин маълум қилди.
Мамлакат етакчиси, шунингдек, Хитой расмийлари АҚШга ташриф чоғида муҳокама қилинган масалалар бўйича позициясини аниқ билдирганини таъкидлади.
Давлат раҳбари “Хитой Компартияси Марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси раҳбари, Сиёсий бюро аъзоси Ван И ва Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Цзинь Ганнинг Блинкен билан учрашуви самимий ўтгани ва чуқур маъно касб этганини” ҳам қайд этди.
– ХХР ўз позициясини аниқ айтди, ҳар икки томон АҚШ Президенти Жо Байден ва мен Индонезиянинг Бали оролида эришган келишувларга асосланиб, ҳаракатни давом эттиришга аҳдлашди, деди у.
Аввалроқ Блинкен ва Ган учрашувида, хусусан, Тайвань масаласи муҳокама қилингани айтилганди. Бунда Пекин Вашингтонга “ягона Хитой” тамойилига амал қилиш зарурлигини эслатган.
Си Цзиньпин таъкидлаганидек, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ҳамиша ўзаро ҳурмат ва самимийликка асосланган бўлиши керак.
“Умид қиламанки, сиз ушбу ташриф чоғида Хитой – АҚШ муносабатини барқарорлаштиришга ҳисса қўша олдингиз”, деган Хитой раҳбари суҳбатдошига қарата.
ЎзА