Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилчилари май ойида уй-жой бозорида фаол ўсиш кузатилганини қайд этди. Ой давомида сотувлар 26,6 фоизга, Тошкент шаҳрида квартираларни ижарага олиш нархи 0,9 фоизга, иккиламчи уй-жойлар эса 2,5 фоизга кўтарилди.
Май ойида кўчмас мулк бозори фаолликнинг ошиши билан ажралиб турди. Агар апрель ойида олди-сотди битимлари сони 20,2 мингтани ташкил этган бўлса, ой давомида сотувлар 26 фоиздан ва битимлар 25 мингтадан ошди.
Ўтган йилнинг май ойига нисбатан уй-жой олди-сотдиси бўйича тузилган битимлари сони 28,5 фоизга ошди. Туманлар кесимида ижаранинг 1 квадрат метри учун энг юқори нархлари пойтахтнинг Шайхонтоҳур (11,5 доллар), Яккасарой (11,3 доллар) ва Миробод (11,8 доллар) туманларида қайд этилди.
Ўтган йилнинг май ойига нисбатан Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи 8 фоизга қимматлашди. Йил бошидан бери ўртача ижара нархи 12,1 фоизга камайди.
Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўсиш суръати тезлашди. Агар апрель ойида 1 квадрат метр учун уй-жой нархининг ўртача ўсиши 1,7 фоизни ташкил этган бўлса, май ойида «иккиламчи уй-жой» нархи 2,5 фоизга кўтарилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пойтахтда иккиламчи кўчмас мулк учун ўртача нархлар 27 фоиздан ошди.
Ш. Маматуропова, ЎзА