Бугун, 15 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон баскетбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда делегатларнинг овоз бериши натижасида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон баскетбол федерацияси раиси лавозимига сайланди.

Тадбирда иштирок этган ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, тегишли ташкилотларнинг раҳбарлари, фахрийлар баскетболнинг нафақат профессионал, балки оммавий спортда ҳам тутган ўрни хусусида фикрлашди.

Ушбу спорт тури билан шуғулланиш учун имкониятлар кўплиги, ҳар бир таълим даргоҳлари ва маҳаллаларда спорт майдонларининг мавжудлиги, “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақасига стритбол йўналишининг киритилгани, унинг оммавийлигини оширишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Йиғилиш давомида баскетбол спортини мамлакатимизда янада оммалаштириш, спортчиларга зарур шарт-шароитларни яратиш, ички мусобақалар савиясини ошириш, терма жамоаларнинг халқаро майдондаги иштирокини кўпайтириш, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди. Дастлабки режалар белгилаб олинди.


Т.Рўзиев, ЎзА