Ҳаж – 2023
Ҳар бир мўмин-мусулмон, мўмина-муслима борки, Аллоҳнинг байтини умрида бир бор бўлса-да, тавоф қилишни, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак Равзаи шарифларини зиёрат этишни орзу қилади. Зеро, бу муқаддас заминда Қуръони карим оятлари нозил бўлган, ислом тарихига оид кўплаб воқеа-ҳодисалар кузатилган.
Умуман, Каъбатуллоҳда ибодат қилиш, Пайғамбаримиз масжидларида намоз ўқишнинг савоби кўп: Масжидул Ҳаромда бир ракат намозга Ислом дини Ҳаж мавсуми – улуғ амаллар адоси минг ракат намозининг, Масжиди Набавийдаги минг ракат намознинг савоби берилади. Бундай улкан имкониятга эришиш учун барча талпиниши табиий.
Ҳақиқат қиёсда юзага чиқади. Авваллари ҳаж квотаси 5200 тани ташкил этган бўлса, 2019 йил бу рақам 7200, 2022 йил эса 12000 га етди. Жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15000 та этиб белгиланди. Бу мисли кўрилмаган улкан неъмат. Бир умр Каъбаи муаззама, Равзаи шарифни соғиниб яшаб ўтиб кетган аждодларимиз орзулари 15 минг ҳожи тимсолида рўёбга чиқмоқда. Буюк шарафга, бахтга ноил бўлиб турган юртдошларимиз одамнинг ҳавасини келтирадиган шароитларда ҳаж сафарини адо этиш учун айни кунларда Мадинаи Мунаввара ва Маккаи Мукаррама шаҳарларида бўлиб туришибди.
Аввалги номи Ясриб бўлган шаҳар Пайғамбаримиз ташрифлари билан нурли, мунаввар шаҳарга айланди. Масжиди Набавийга кирган одам муаззам маскандан чиққиси келмайди: тўйиб-тўйиб ибодат қилишни хоҳлайди. Пайғамбаримизнинг бу масжидларида намоз ўқиётган, дуо, зикр қилаётган ҳожи намоз асносида худди ўзини Расулуллоҳ ортида тургандек тасаввур қилади. Айниқса, Равзаи шарифга кирган киши ўзини, гўё, жаннатда ҳис этади. Чунончи, Набий алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Уйим ва минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор”, деганлар. Дарҳақиқат, шундай. Ҳожиларимиз ибодатни хотиржам бажариши учун Мадинаи Мунавварада барча қулайликларга эга беш юлдузли “Замзам Пуллман”, Макка шаҳрида “Рошидия” меҳмонхоналари хизматда. Ушбу турар жой мажмуалари Масжиди Набавийнинг шундоқ ёнгинасида жойлашгани юртдошларимиз намоз ва зиёратни кўпроқ адо этишига имкон яратяпти.
Масжиди Набавий ҳовлисида туриб, гўзал манзарани кузатишнинг завқи бўлакча: эгнига Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган нимча кийиб олганча ибодатга шошаётган ҳожи ота, ҳожи оналаримиз юз-кўзларидаги қувонч уларнинг нақадар бахтиёр эканликларидан нишона.
Айниқса, намоздан сўнг жаннатмонанд юртимиз тинч-осуда, халқимиз турмуши бундан-да фаровон бўлишини, хайрли ишларга бош-қош бўлаётган раҳбарларимиз тану жони соғ бўлишини Яратгандан чин дилдан сўраб, илтижо қилаётган юртдошларимиз дуолари ижобат бўлғуси, иншоаллоҳ.
Юртдошларимиз дастлабки уч кун давомида Пайғамбар алайҳиссалом равзаларини зиёрат қилиб, Уҳуд тоғи, ислом оламида биринчи қурилган масжид – “Қубо”да бўладилар. Асосий вақт Масжиди Набавийда тоат-ибодат билан ўтади. Бу муаззам масжид ҳар бир ҳожини ўзига чорлайди.
Қаҳрамонлар зиёрати
Мунаввар шаҳарга келган киши борки, Уҳуд тоғига боришга интилади. Зеро, бу маконни Пайғамбаримиз яхши кўрганлар. Бир муборак ҳадисда: “Бу Уҳуд тоғи, у бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз”, дейилган.
Уҳуд тоғи Мадинаи Мунавварадан, тахминан, 4-5 километр шимолда жойлашган. Узунлиги 7, кенглиги 2-3 километр, баландлиги салкам 350 метр.
Бу атрофда жуда кўп тарихий воқеалар рўй берган. Шулардан бири – Уҳуд жанги. Айни ғазот Бадр ғазотидан кейин, ҳижрий 3-йилда, муслимлар билан Қурайш қабиласи ўртасида кечган. Ушбу жангда минг нафар мусулмон уч минг нафар Қурайш қўшинига қарши курашган.
Бу тоққа зиёратга келган кишида, беихтиёр, ватанпарварлик ҳисси жўш уради, чунки Уҳуд қаҳрамонлари ўз Ватани – Мадинаи Мунавварини, қолаверса, раҳбарлари, яъни Расулуллоҳни қандай ҳимоя қилганини Саъд ибн Абу Ваққос мисолида билиб оламиз. Бу улуғ саҳоба Набий алайҳиссаломни ҳимоя қилиш асносида етмиш жойидан яраланган.
Раҳмоннинг меҳмонларига хизмат қилиш – шараф!
Ҳаж қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савобга ноиллиги хусусида кўп далил бор. Шу маънода “Ҳаж – 2023” ташкилотчилари ва ишчи гуруҳ аъзолари айни улуғ даражани мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат этяптилар. Делегация, ишчи гуруҳ аъзолари, элликбошилар доимо ҳожилар ёнида, шифокорлар ҳамюртларимиз саломатлигидан мудом хабардор. Ошпазларимиз ибодатга қувват бўладиган тансиқ миллий таомлардан тайёрлаб беришяпти.
Уламоларимиз, аҳли илм зиёратчилар билан мунтазам суҳбат ўтказиб, ибодатни чиройли адо этишга яқиндан кўмакчи. Ҳожиларга сифатли транспорт хизмати кўрсатиш, уларни белгиланган манзилга кечиктирмасдан етказиш мақсадида автобуслар жалб этилган. Бизнинг бош мақсадимиз зиёратчиларнинг ҳар бир қадамини енгиллаштириб, кўп вақтини ибодатга сарфлаш эди ва бунга Аллоҳ муваффақ қилди.
Ҳожиларимиз ҳажини Ўзи мабрур қилсин.
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳри бош имом-хатиби
Саудия Арабистони, Мадина шаҳри