Президент томонидан имзоланган “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) томонидан кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатишда лицензия олганлик учун тўланадиган давлат божи БҲМнинг 25 000 баравари этиб белгиланди.
Илгари бундай норма мавжуд эмас эди.
Шунингдек, қуйидаги хизматлар учун лицензия олишда тўланадиган давлат божи миқдорлари камайтирилди:
-телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш – БҲМнинг 170 баравари (56 млн 100 минг сўм). Илгари БҲМнинг 340 баравари эди;
-телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш – БҲМнинг 10 баравари (3 млн 300 минг сўм). Илгари БҲМнинг 20 баравари эди;
-телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини қуриш – БҲМнинг 10 баравари (3 млн 300 минг сўм). Илгари БҲМнинг 20 баравари эди;
-телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларидан фойдаланиш – БҲМнинг 75 баравари (24 млн 750 минг сўм). Илгари БҲМнинг 150 баравари эди;
-телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқлари хизматларини кўрсатиш – БҲМнинг 75 баравари (24 млн 750 минг сўм). Илгари БҲМнинг 150 баравари эди.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
ЎзА