Ҳиндистон тез орада ўз ҳудудида қирувчи самолёт учун двигатель ишлаб чиқариш бўйича АҚШ билан битим имзолаши мумкин, деб хабар тарқатди “Bloomberg”.
Маълумотга кўра, гап Америкадаги “General Electric” компанияси билан Ҳиндистоннинг “Hindustan Aeronautics Limited” корпорацияси ҳамкорлигида реактив двигатель ишлаб чиқариш ҳақида бормоқда. Ушбу қувват агрегати Ҳиндистоннинг “Tejas” енгил жанговар самолётига ўрнатилади.
Агентлик таъкидлашича, томонлар Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг келаси ҳафтага мўлжалланган Вашингтонга ташрифи чоғида шу ҳақда келишиб олиши мумкин. Кейин ушбу қарор Конгресс томонидан маъқулланиши керак.
Моди АҚШга сафари чоғида Президент Жо Байден билан учрашади. Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида турли соҳаларда шерикликни кучайтириш масаласи муҳокама этилади.