Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди.

Тадбирни номзоднинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Мавлудахон Хўжаева очди. У Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги олти ярим йилда вилоятда амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги, аҳоли фаровонлиги, иқтисодиёт тармоқлари ривожи ҳақида айтиб ўтди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Жумладан, таълимга оид режалар ҳақида алоҳида тўхталди.

– Фарғона вилоятида мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж 100 фоизга қопланади. Бунинг учун 2 мингта янги давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади. Бундан ташқари, 2030 йилга қадар замонавий мактаблар барпо этиш, мавжудларининг қувватини ошириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳисобига қўшимча 125 минг ўқувчи ўрни яратилади. Натижада мавжуд қувватларга нисбатан икки баравар кўп ўқувчига эга бўлган 175 та мактаб юкламаси камайтирилади.

Шу билан бирга, вилоятдаги 350 та мактаб тўлиқ таъмирланади, барча мактаблар замонавий компьютер синфлари билан жиҳозланади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентликка номзод шундан сўнг тиббиёт соҳасига оид режалари ҳақида маълумот берди.

– Соғлиқни сақлаш соҳасига эътиборни янада кучайтирамиз. 2030 йилга қадар Фарғонада 100 дан ортиқ тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади. Соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш орқали яна 300 дан зиёд хусусий клиника фаолияти йўлга қўйилади (уларнинг сони 1 минг 100 тага етказилади).

Вилоятдаги эндокринология, урология ва кардиология марказлари, шунингдек, кўп тармоқли шифохона ва тез тиббий ёрдам хизматини ўз ичига қамраб олган мазкур кластерни барпо этишга 150 миллион доллар йўналтирилади. Натижада ушбу кластер томонидан йилига 100 минг нафар беморга юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатилиши таъминланади.

Бугунги кунда вилоятдаги онкологик касалликка чалинган 7 мингдан ортиқ беморлар нур терапиясини олиш учун пойтахтга ёки қўшни вилоятларга қатнашга мажбур бўлмоқда. Шу боис, 10 миллион доллар сармоя эвазига “Нур терапия маркази” ишга туширилади, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев келгуси етти йилда вилоятда замонавий ва ҳамёнбоп уй-жойлар қуриш ҳажми уч карра оширилиши ҳақида ҳам айтиб ўтди.

– Хабарингиз бор, Фарғона шаҳрида 300 гектар майдонда янги “Эко шаҳар” массивини барпо этишни бошлаганмиз. Ушбу ҳудуднинг тўртдан бир қисми ёки 70 гектарида “Янги Ўзбекистон боғи”, сунъий кўл ҳамда истироҳат боғи жойлашади. Бир сўз билан айтганда, бу шаҳарча одамларимиз яшаши учун қулай, хавфсиз ва баҳаво масканга айланади. Ушбу шаҳарчада 15 минг хонадонга мўлжалланган 300 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилади (шу йилнинг ўзида 80 та кўп қаватли уй қурилади). Умуман олганда, келгуси етти йилда вилоятда 2,5 мингта кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 100 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. Бунга барча манбалар ҳисобидан 2,5 миллиард доллар йўналтирилади, – деди Президентликка номзод.

Шавкат Мирзиёев Қўқонда бўлган ёнғин ҳақида муносабат билдирди.

– Бир масалага алоҳида тўхталиб ўтсам. Шу ҳафтада Қўқондаги буюм бозорида содир бўлган ёнғин юзлаб тадбиркорларимизга зарар етказди. Қўқонлик тадбиркорларимиз хотиржам бўлсин, биз ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз. Бу бозор узоғи билан бир ойда тўлиқ тиклаб берилади, бунга барча куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Ким қайси дўконда фаолият юритган бўлса, ўша ерда тадбиркорлигини давом эттиради. Ёнғиндан зарар кўрган барча тадбиркорларнинг кредит ва солиқ тўловлари муддати кечиктирилади. Уларнинг қайтадан “оёққа туриб олишлари” учун айланма маблағ учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Ёнғин оқибатида бозорга туташ ҳудудларда зарар кўрган аҳоли хонадонлари тўлиқ таъмирлаб берилади. Умуман, етакчи лойиҳа ташкилотларини жалб қилиб, бозорларни замонавий, қулай, барча хавфсизлик талабларига жавоб берадиган савдо комплексларига айлантириш бўйича катта дастур қабул қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Номзод вилоятда инфратузилмани яхшилаш борасидаги режалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Хитойнинг 900 миллион доллар инвестицияси ҳисобига Ўзбекистон ва Бешариқ туманларида 900 Мегаваттли қуёш электр станциялари ишга туширилиши кўзда тутилган.

Вилоят аҳолисининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида 8 минг километр тармоқ ва 2 мингта трансформатор янгиланиши, шунингдек, 10 минг километр йўллар ва 170 та кўприк таъмирланиши айтилди.

Бундан ташқари, учрашувда аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маҳалла тизими имкониятларини кенгайтириш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ режа ва мақсадлар билдирилди. Номзод ҳар бир ташаббус ва режаларнинг аниқ ҳисоб-китоби ва манбаси борлигини таъкидлаб, булар асосида вилоятни 2030 йилгача ривожлантириш дастури қабул қилиниши ва унга жами 25 миллиард доллар йўналтирилишини айтди.

Президентликка номзод учрашувда Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродовани ёдга олди.

– Албатта, вилоятнинг фидойи деҳқон ва фермерлари ҳақида гап кетганида, Олтиариқ тумани фарзанди бўлган, Ўзбекистон Қаҳрамони, раҳматли Лола опа Муродовани эслаймиз. Илоҳим, руҳлари шод бўлсин. Бу заҳматкаш, олижаноб инсон ўзбек аёлларининг тимсоли эди. У кишини ҳаммамиз яхши кўрар, чуқур ҳурмат қилар эдик.

Бутун ҳаётини эл-юрт равнақига, Фарғонани обод қилишга бағишлаган бу улуғ юртдошимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида вилоятда Лола Муродова номидаги фермерлар мактабини ташкил этсак, сизлар бу таклифга қандай қарайсизлар, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Учрашувдагилар ушбу таклифни олқишлар билан қўллаб-қувватлади.

– Бу мактабда нафақат Фарғона, балки барча ҳудудларимиздан келган фермерлар билим ва малака оширса, ўйлайманки, айни муддао бўлади, – деди номзод.

Номзод фермерлар ва кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Жумладан:

– кластерлар ва фермерлар ўртасидаги шартнома муносабатлари тўлиқ қайта кўриб чиқилади;

– кластерлар томонидан фермерларга кўрсатилган қўшимча хизматлар улар билан ўзаро келишув асосида алоҳида ҳисоб-китоб қилинади;

– бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар фаолиятига аралашишга қатъиян чек қўйилади;

– қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизими, ҳокимлар фермер ва кластерлар маҳсулотларига бозор топишга кўмаклашиш билан шуғулланади;

– фермерларнинг фаолият турини ўзгартириши соддалашган тартибда бўлади;

– қишлоқ хўжалигида кластерлар ва фермерларнинг ерини ҳақиқий бозор активига айлантириш бўйича янги тизим яратилади. Қисқача айтганда, ернинг ижара ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш, ҳадя қилиш, кредит олишда гаров сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.

Учрашув сўнгида партия вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар сўзга чиқдилар. Улар сайловолди дастуридан ўрин олган ҳар бир ташаббус вилоят аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА