Омбудсманга фуқаролар турли масалаларда мурожаат қилмоқда. Ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, бузилган ҳуқуқлар тикланмоқда.

Омбудсманнинг ҳудудларда минтақавий вакиллари фаолият бошлагани тузилмага мурожаат қилишда қулайлик яратди.

Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакилига  Механика шўъба корхонасининг ўн нафар ишчиси мурожаат қилиб, меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганини маълум қилган.

15 йилдан буён ушбу корхонада ишлаб келаётган ишчиларнинг ёзишича, у ерда ишчиларга қулай меҳнат шароити яратилмаган. 2022 йил давомида ходимларга иш ҳақи тўлаш учун ҳисобланган коэффициентлар тўлиқ тўланмаган.

Мурожаатчилар қолиб кетган иш ҳақини олишда ҳамда корхона билан тузилган шартноманинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини кўриб чиқишда ёрдам сўраган.

Минтақавий вакил мурожаатни назоратга олиб, Андижон шаҳар давлат меҳнат назорати инспекцияси ходимлари билан ўрганганида корхонанинг иш ўринлари аттестациядан ўтказилмагани, ходимларга ноқулай ва зарарли иш ўринларида ишлагани учун 2021-2023 йилларда кам миқдорда иш ҳақи тўлаб келингани маълум бўлди.

Меҳнат қонунчилигига кўра, ходимга қўшимча вазифа юклатилганда ва хизмат кўрсатиш зонаси кенгайтирилганда қўшимча иш ҳақи тўланиши белгиланган бўлишига қарамай, 10 нафар ишчига темир ва кўмирлар ташишдаги қўшимча ишларни бажаргани учун 2022 йилдан ҳозирга қадар 67 миллион сўм кам иш ҳақи тўлангани аниқланди.

Натижада ҳар бир мурожаатчига 6,7 миллион сўмдан иш ҳақи тўлаб берилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА