Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика қон қуйиш станциясида 14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни муносабати билан “Қон топширинг, қон плазмасини беринг, ҳаётни баҳам кўринг ва буни тез-тез бажаринг” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

2005 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари якдиллик билан беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди. Шундан буён ҳар йили “14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни” сифатида кенг нишонланади.

Бугун мамлакатимизда беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш, уни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, қон қуйиш станцияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йил Республика қон қуйиш марказининг ҳудудлардаги қон билан ишлаш хизмати муассасаларига, шу жумладан  Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика қон қуйиш станциясига ҳам  кўчма донорлик комплекси – махсус жиҳозланган “Isuzu” автобуси топширилди. Мазкур автобуслар махсус жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 3 нафар донордан қон олиш мумкин.

–Оғир касалликларга чалинган инсонлар ва мураккаб операцияларга муҳтож  беморлар ҳаётини сақлаб  қолишда қон муҳим аҳамиятга эга, – дейди тадбирда сўзга чиққан Ғумшагул Қозоқбаева. – Гематологик касалликка чалинганлигим туфайли  ҳар йили донор қонига муҳтожман. Мен каби ёрдамга муҳтож беморларга кўмак бераётган инсонларни бутунжаҳон донорлар куни билан муборакбод этаман. Уларнинг сафи янада кўпаяверсин.

Тадбир якунида бир гуруҳ донорларга “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчиларга концерт дастури намойиш этилди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА