Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили Нурлибай Қайипбергенов Кегейли туманида сайловчилар билан учрашди. Ишончли вакил сайловчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.
Учрашувда номзоднинг сайловолди дастури халқчил, юртпарвар ғоя ва мақсадлар жамланмаси эканлиги таъкидланди. Сайловчилар Робахон Махмудовага овоз беришга чақирилди.
–Партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова аҳолининг, юқори малакали мутахассисларнинг, бюджет идоралари ходимларининг, педагогларнинг, шифокорларнинг, умуман барча соҳа вакилларининг ҳаёти ва фаровонлигини юқори даражага кўтаришни мақсад қилган сайловолди дастурини тақдим қилмоқда, – дейди Халқ депутатлари Кегейли тумани Кенгаши депутати Азима Камолова. – Номзоднинг дастуридаги бундай юксак мақсад ва вазифалар, ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, меҳнаткаш халқимиз учун фаровон турмуш шароитларини яратиш, юртимизда барқарор ва ижтимоий адолат ўрнатишга йўналтирилган.
Ишончли вакилнинг жойларда сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири