Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси ишчи ходимларининг 120 нафар фарзанди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳордиқ чиқаради.
“Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги денгиз сатҳидан 1400 метр баландликда Чимён тоғ ён бағрида жойлашган. Бу ерда болаларни жисмонан чиниқтириш, билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлаш учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, сузиш ҳавзаси, футбол ва волейбол майдончаси, теннис корти, кутубхона, интернетга уланган компьютер хонаси, хореография зали, вокал хонаси, очиқ ва ёпиқ майдончалар, тўгарак хоналари, қулай ва шинам ётоқ бинолари, ошхона – болажонлар хизматида.
Оромгоҳда спорт мусобақалари, турли викториналар, танловлар ҳамда ижодий кечалар каби бир қатор турли маданий-маърифий тадбирлар уюштирилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири.