“Ўзагроинспекция”нинг амалий ёрдами билан 1027 ҳолатда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги истеъмолчиларга сув етказиб берилди.

Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда “Ўзагроинспекция” ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева маълум қилди.

Қайд этилишича, сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасидаги мутахассислар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 4 624 та амалий тадбирлар ўтказилди. Берилган кўрсатмалар ва амалий чоралар натижасида жами 9 минг 424 ҳолатда далада сув исроф бўлишининг олди олинди.

Экин майдонларини кўллатиб суғориб, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш, сувларни тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, суғориш ишларига етарли даражада сувчиларни жалб этмай, далада сувни қаровсиз қолдириш, лимитдан ортиқча сув олиш, ажратилган сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва бошқа шу каби сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузиш ҳолатлари аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, сув етказиб берувчи ташкилотлар томонидан 350 та ҳолатда рухсат этилмаган жойлардан ноқонуний равишда очиб олинган сув олиш жойларидан сув бериш, 11 ҳолатда сув омборидан ҳамда 96 та ҳолатда насос станциясидан рухсатсиз сув чиқариш ҳолатлари аниқланиб, сув олишни қатъий белгиланган режимлари асосида амалга оширилиши таъминланди.

Инспекция ходимларининг бевосита амалий ёрдами билан 472 та яроқсиз ҳолатга келган сув объектларидан беҳуда сувлар оқизиб юборилиши тўхтатилди. 767 ҳолатда сув йўқолиши юқори бўлган фермерлар аро ички суғориш тармоқларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари ташкил қилинди.


Муҳайё Тошқораева, ЎзА