Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Тараққиёт дастури (ТД) Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Адлия вазирлиги ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорлик доирасида Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида инклюзив давлат хизматлари марказлари очилмоқда. Кейинги уч йилда еттита шундай марказ очилди.

БМТ бош котиби ёрдамчиси, БМТ ТДнинг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси директори Ивана Живкович Ўзбекистонда фаолият юритаётган инклюзив давлат хизматлари марказлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

– Инклюзив давлат хизматлари марказлари ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжларига мос равишда турли хил давлат хизматларидан фойдаланиш, зарур маълумотларни олиши мумкин бўлган жойдир.  Нукус туманида янги очилган шундай марказ ҳудудда истиқомат қилаётган 49 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Қулай шароитларга эга ушбу замонавий бинонинг бошқа ДХМларидан ажралиб турадиган жиҳати унинг инклюзивлигидир. Яъни барча ташриф буюрувчиларга уларнинг келиб чиқиши ёки шароитларидан қатъий назар, керакли хизматлардан бир хил даражада фойдаланишлари учун имконият яратилди. Марказда имконияти чекланган фуқаролар учун қулай шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Янги биноларни қуришдан ташқари биз Адлия вазирлиги билан биргаликда хизматларни тақдим этишнинг ички механизмларини такомиллаштириш устида кенг қамровли ишларни олиб бормоқдамиз. Жумладан, давлат хизматларидан фойдаланиш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида давлат муассасаларида функцияларни рационализация қилиш; шаффофлик ва фойдаланиш қулайлигини таъминлаш учун рақамли технологияларни жорий этиш; фойдаланувчиларга йўналтирилган хизматларни тақдим этишда ходимларнинг салоҳиятини ошириш – ана шундай ишлар сирасига киради.

Ҳамкорлигимизнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда ҳар бир инсон давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш.

 

Н.Абдураимова, ЎзА