Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов IT Park экспортчи резидентлари билан юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини қўллаб-қувватлаш бўйича очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда IT Parkнинг 100дан ортиқ резидентлари, жумладан, EXADEL, G-core, EPAM тизимлари, шунингдек, Техникум, Najot Ta‘lim, PDP Academy, Alif tech, Bilim tech, Realsoft, Texnopark Al-jabr каби таълим компаниялари вакиллари қатнашди. Бундан ташқари, IT Parkнинг республикамиз ҳудудларидаги резидентлари ҳам онлайн шаклда иштирок этди.

Тадбир аввалида IT Park томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди. Экспорт билан шуғулланувчи ва таълим резидентлари сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, уларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар, қабул қилинган фармондаги янгиликлар хусусида сўз борди. Шунингдек, 2030 йилгача Президентимиз томонидан белгилаб берилган мақсад ва вазифалар, етук IT мутахассисларни тайёрлаш бўйича зарур шарт-шароитлар яратиш ва кадрларга қўйилган талаблар тўғрисида маълумотлар берилди.

Очиқ мулоқотда компаниялар вакиллари томонидан IT соҳасини янада ривожлантириш борасида таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан келишиб олинди.

Н.РАҲМОНОВА, ЎзА