Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманининг энг чекка “Белтау” овул фуқаролар йиғинида бундан икки-уч йил аввал бўлган киши бу ердаги бугунги туб ўзгаришларни кўриб, ҳайратда қолиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун яқинда “Белтау” овул фуқаролар йиғинига пресс-тур ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режаларни кенг жамоатчиликка етказишдир.
Туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган Қозоғистон билан чегарадош овулда аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланиб келган. Сув тақчиллиги натижасида овул аҳолиси ҳаётида муаммолар юзага келди. Бундан хавотирланган аҳолининг аксарияти қўшни давлатга кўчиб кетди. Айримлари уй-жойларига мижоз топилмаганидан уларни бузиб, тегишли қурилиш материалларини олиб, сотиб кетишди. Натижада, 400 дан зиёд хонадон истиқомат қилиб келган овулда бугунги кунда атиги 166 та хонадон қолган. Кўчиб кетишга имкони бўлмаган, келажакда овулга кимнингдур назари тушишидан умидвор бўлганлар киндик қони томган ерда яшаб қолди. Бугун, улар бу ерларни ташлаб кетмай, тўғри қилган, десак муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг февраль ойида ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида ушбу овулдаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш борасидаги таклифларини билдирган эди. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда овулнинг қиёфаси тубдан ўзгарди.
“Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш, таъмирлаш, кўчаларга қум-шағал аралашмаси ва қора қоплама ётқизиш ишлари амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув хизматларини яхшилаш, сув таъминоти оғир бўлган маҳаллаларни тўлиқ хатловдан ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу жумладан, “Белтау” овул фуқаролар йиғинига Тошкент шаҳридан келтирилган техникалар ёрдамида 16 та ер ости сувлари учун қудуқ бурғилаш ишлари олиб борилди. Бу эса, биринчи навбатда, аҳолини, ижтимоий соҳа объектлари ва томорқа ерларини сув билан таъминлаш имконини берди.
«Белтау» овули ёнидаги қуриб қолган сой қазиб кенгайтирилди. Натижада 2 минг гектар ерни кафолатли суғориш имкони яратилди. Сойга пиёдалар ўтиш учун кўприк қурилди, атрофи ободонлаштирилиб, пиёдалар ва вело йўлакчалар қилинди.
Ҳудудда 1,2 километр янги асфальт йўл қилинди. 4,5 километр тупроқ йўлга шағал тўкилди. 3,1 километр пиёдалар йўлакчаси қурилди ва 2 километр масофадаги эски ариқ бетонлари олиб ташланиб, 1,65 километр янгидан қурилди. Овулда 3 та янги электр трансформатор ўрнатилди, 2 таси таъмирланди, 120 та электр устуни, 44 та тунги ёритгич чироғи ўрнатилди ва 7,64 километр ҳаво линияси тортилди.
Қишлоқ шифокорлик пункти, овул фуқаролар йиғини биноси, 15-сонли умумтаълим мактаби, 13-сонли мактабгача таълим ташкилоти ва ташландиқ аҳволга келиб қолган маданият саройи таъмирланди. Собиқ чорва фермаси таъмирланиб, ишга туширилди. Бугунги кунда фермада қорамоллар боқилмоқда.
Айтиш жоизки, овулдаги 100 та хонадон таъмирланди. 37 та ташландиқ уйнинг ўрни тозаланиб, кўча бўйидаги 9,5 километр ариқ тозаланди ва янгидан 0,45 километр ариқ қазилди. 11 минг 200 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
Ҳудуддаги 20 нафар хотин-қиз тикувчилик касби бўйича ўқитилиб, тикувчилик цехи ишга туширилди. “Uzmobile” алоқа антеннаси ўрнатилди. Натижада аҳоли интернет тармоғидан фойдаланиш имконига эга бўлди.
Пресс-тур иштирокчилари овулда олиб борилаётган қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Қишлоқ аҳолисининг томорқа ерларида олиб борилган ишлар кўзни қувонтиради. Ўроқбой Қосбаулиев хонадонидаги 20 сотих ерга 8 минг туп помидор, 2 минг туп бодринг, 2 минг туп қовоқ, 1,5 минг туп тарвуз ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экилган. Эртанги мўл ҳосилдан дарак берувчи ниҳоллар бир текис гуллаб, меваламоқда. Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Қууанишбой Нуримбетовнинг таъкидлашича, овулда ҳар бир хонадоннинг томорқа ерлари яқин кунларда мана шундай кўринишда бўлади. Иккинчидан, етиштирилган ҳосилнинг харидорлари ҳам тайёр. Овул ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи цех қурилиши бошланиш арафасида. Унда томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни шартнома асосида қабул қилиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Маҳсулотлар хорижга экспортга йўналтирилиб, ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади.
Овул фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан 1000 гектар ер ўзлаштирилди. Шунинг 500 гектарига плёнка остига чигит, помидор, қовун-тарвуз ва бошқа экинлар экилди. Ушбу ишларда замонавий техникалардан фойдаланилмоқда. Жумладан Хитой мамлакатидан келтирилган сеялка бир вақтнинг ўзида тўртта амалиётни бажаради, яъни чигитни қадайди, озуқасини беради, томчилатиб суғориш қувурини ётқизади ва плёнка тўшайди. Дала ишларига тажрибали деҳқонлар жалб қилинган. Масалан, помидор экишда Беруний туманидан тажрибали деҳқон Э.Юлдашев раҳбарлик қилаётган бўлса, қовун-тарвуз экиш ва тарбия бериш ишларига Наманган вилояти Чуст тумани Олмос қишлоғидан Н.Ғаниев бошчилик қилмоқда. Экинларни суғориш тўла томчилатиб суғориш тизимида амалга оширилади. Дала четларидан ҳам самарали фойдаланилиб, қўшимча маҳсулот олинади.
Пресс-тур иштирокчилари овул фуқаролар йиғинида замонавий чорвачилик мажмуасида, маданият уйида, туман ФҲДЁ бўлимининг филиалида ва бошқа жойларда бўлди.
Тадбир якунида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан батафсил маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА