Халқаро кураш ассоциациясида янги “IKA Registration System” тизимини яратиш устида изланишлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда ассоциация матбуот хизмати хабар тарқатди.
Келгусида Халқаро кураш ассоциацияси тизимидаги мусобақаларнинг иштирокчилари онлайн рўйхатдан ўтиш орқали чемпионатларда, расмий турнирларда иштирок этишлари мумкин бўлади.
Янги тизимни яратиш борасида ўзбекистонлик ҳамда ассоциациянинг хорижий вакиллари томонидан кенг қамровли изланишлар олиб борилмоқда.
“IKA Registration System” тизимида рўйхатга олиш, меҳмонхона ва келиш-кетиш жадваллари тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали синовдан ўтказишга тайёрланмоқда. Тизимни ҳамма учун осон ва тушунарли, фойдаланувчилар учун қулай қилиш борасида турли қарашлар, таклифлар ўрганиб чиқилмоқда.
Мазкур тизим жорий йил октябрь ойида Италияда ўтадиган Европа чемпионатида расман ишга туширилиши режалаштирилган. Миллий спорт туримиз курашни халқаро майдонда оммалаштириш, унинг инфратузилмасини халқаро талабларга биноан яратиш ота-боболаримиздан мерос анъаналар, урф-одатлар, қадриятлар қадр топишига хизмат қилишига қаратилганлиги билан эътиборлидир.
Т. Рўзиев, ЎзА