Янги қарор

Юртимизда шахматга эътибор анча юқори. Буни кўплаб халқаро мусобақаларда ёшларимизнинг тенгсиз эканлиги ҳам яққол исботлаб турибди.

Шахмат билан оила даврасида ҳам мунтазам шуғулланса бўлади. Бунинг учун катта ресурс – майдонлар, мослаштирилган иншоотлар, махсус машғулот ускуналари талаб қилинмайди. Бошқача айтганда, харажати нисбатан кам, фойдаси эса жуда катта спорт тури саналади.

Лекин «ақл гимнастикаси» билан профессионал, халқаро талаблар асосида шуғулланиш бошқа масала. Дунёда тенгсиз бўлиш соҳага катта эътибор талаб қилади.

Мамлакатимизда шахмат ва унга қизиқувчи ёшларни рағбатлантириш масаласи янги босқичга чиқмоқда. Хусусан, бир қатор спорт иншоотлари ва бошқа объектлар ФИДЕ талабларига мувофиқ тайёрланмоқда. Улар зарур жиҳозлар билан таъминланади. Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига шахматни соддалаштирилган тарзда ўргатувчи анимацион ўқув қўлланмалар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, барча босқичдаги таълим муассасаларида шахмат бўйича лига баҳслари ўтказилади. Бу мусобақаларда ғолиб бўлганлар “Шахмат стипендияси” билан рағбатлантирилиши кўзда тутилмоқда. Келаси йилдан бошлаб ҳар йили профессионал шахмат клублари ўртасида “Ўзбекистон биринчилиги” мусобақалари ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу каби янгиликлар яна кўплаб келтирилган.

Қуйида ушбу ҳужжат ижроси доирасида қилинадиган ишлар, истиқболда кутилаётган натижаларни таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Ўтган йили Халқаро шахмат федерациясининг конгресси бўлиб ўтди. Унда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳамда ФИДЕнинг навбатдаги конгрессини 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Аслида бундай нуфузли тадбирга мезбонлик исталган давлатга берилавермайди. Ўзбекистон бу каби тадбирларни ўтказишга ҳақли эканини исботламоқда.

Шахмат оламида Рустам Қосимжоновнинг ўз ўрни бор. У эришган натижалар шунчаки тасодиф эмаслигини бугун ёшларимиз қайта-қайта исботламоқдалар. Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров каби гроссмейстерларимиз шахмат осмонининг ёрқин юлдузларига айланиб бормоқда.

Давлат раҳбарининг қарори мана шундай шароитда қандай муҳим аҳамиятга эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳужжат билан танишар экансиз, унинг моҳиятан уч қисмга бўлинганини кўрасиз. Аввало, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси юртимизда юқори савияда ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олади. Шунингдек, юртимизда профессионал шахматни ривожлантириш, Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига жамоаларни шакллантириш ва тайёрлаш, малакали тренерларни жалб қилиш каби масалалар киритилган. Яна муҳим томони, бу спорт турининг оммавийлигини таъминлаш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилган.

Қарор билан 2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди. Мазкур қўмитага Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлик қилади.

– Ташкилий қўмитага муҳим вазифалар юкланган, – дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Умидилла Сатторов. – Биринчи галда шу йилнинг 1 декабрига қадар ФИДЕ раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ташрифини ташкиллаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказиш бўйича ФИДЕ билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида шартномалар, келишувлар, меморандумлар ва кафолат хатларини имзолаш белгиланган. Бундан ташқари, бу олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш жараёнига волонтёрларни жалб этиш каби масалалар қўйилган.

Ушбу шахмат олимпиадасини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга масъул ташкилот этиб Ўзбекистон шахмат федерацияси белгиланди. Федерация мавжуд инфратузилмалар қувватини таҳлил қилиш асосида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказиладиган спорт иншоотлари ва бошқа объектларни ФИДЕ талабларига мувофиқ тайёрлайди. Уларни зарур бўладиган спорт, тиббий, техник ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўради. Шунингдек, олимпиадада иштирок этувчи эркаклар ва аёлларнинг учтадан миллий терма жамоаларини шакллантириш каби масалаларни ҳам ҳал этади.

Ҳужжатга кўра, 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш бўйича Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ 50 миллиард сўмгача маблағлар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилиши таъминланади.

Қарорда шахматни кенг тарғиб қилиш, уни оммавий ҳаракатга айлантириш масаласига эътибор қаратилганини таъкидлаган эдик. Бунинг учун қандай чора-тадбирлар кўрилади?

Ҳужжатга кўра, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига шахматни соддалаштирилган тарзда ўргатувчи анимацион материаллар ва ўқув қўлланмалари яратилади. Болажонларни шахматга қизиқтириш бўйича “Шахмат боғчадан бошланади” махсус дастури амалга оширилади. Ҳар йили барча бўғиндаги таълим муассасаларида мусобақа ва лигалар ўтказиб борилади. Келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб “Шахмат стипендияси” таъсис этилиши кўзда тутилмоқда.

– Қарорда келгуси йилнинг 1 январидан хусусий шахмат клубларига улар томонидан шахмат тўгаракларини ташкил этиш ва аҳолига хизмат кўрсатишда имтиёзлар бериладиган бўлди, – дейди нодавлат шахмат мактаби раҳбари Равшан Шукуров. – Хусусан, давлат мулки объектлари ҳамда ҳудудлардаги “Ёшлар марказлари”дан ижара тўловларисиз жой ажратилади. Ўзбекистонда шахматга қизиқиш ортаётган, бизники каби муассасаларга эҳтиёж юқори бўлиб турган бугунги шароитда бу жуда муҳим деб ўйлаймиз. Келгусида фаолиятимиз, қамровимиз янада ортади. Боғча ва мактабларга кириб борамиз. Энди ўз-ўзидан ички мусобақалар сони ҳам ортади.

Шахматни оммалаштиришда барча меҳнат жамоаларига кириб бориш ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, Қуролли Кучлар тизимида, шу жумладан, ҳарбий таълимга йўналтирилган ташкилотларда, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида шахматни янада ривожлантириш ва оммалаштириш назарда тутилган.

Мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси юқори савияда ташкил этилишига ишонамиз. Бу каби йирик тадбирларга мезбонлик қилиш яна қанчадан-қанча иқтидорларнинг юзага чиқишига замин бўлиши шубҳасиз.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири