“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлинмаси томонидан “Обод маҳаллам” лойиҳасининг иш-режаси асосида ўринларда учрашувлар, давра суҳбатлари, танловлар ташкил этилиб, аҳолининг экологияга оид билимларини кенгайтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Яқинда “Баркамол авлод“ болалар марказининг “Ёш эколог ва табиатшунос” тўгараги тарбияланувчилари иштирокида Беруний туманидаги “Бадай тўқай” кўриқхонасига саёҳат уюштирилди. Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, болажонларга турли касб сирларини ўргатиш мақсадида марказда 7 та йўналишда машғулотлар олиб борилмоқда.

Айниқса “Ёш эколог ва табиатшунос” тўгарагига қатнашиш учун ўқувчиларда ҳавас жуда юқори бўлмоқда. Мазкур тўгаракнинг мақсад ва вазифалари – ёшларда экологик онгни шакллантириш, бугунги кундаги экологик аҳволдан хабардор этиш, санитария, гигиена масалаларидаги малакаларини ривожлантиришга ўргатиш, бугунги кундаги долзарб экологик муаммоларни назарий ҳамда амалий жиҳатдан кўрсатиб бериш орқали ўқувчиларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялашдан иборат. Шу мақсадда ўқувчилар билан биргаликда табиат қўйнига саёҳат уюштирилди. Ўқувчилар табиатнинг энг гўзал гўшасини томоша қилишга муяссар бўлдилар.

1971 йилда Беруний тумани ҳудудида ташкил этилган “Бадай тўқай” қўриқхонаси бугунги кунда Қўйи Амударё биосфера резервати деб номланади. Мазкур қўриқхонада турли хил жониворлар, қушлар, доривор ўсимликлар муҳофаза қилинади. Табиатимизда йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонот турлари муҳофаза остига олинган. Қўриқхонанинг муҳофаза қилинадиган асосий жонивори Бухоро буғусининг сони бугунги кунга келиб 1500 бошга кўпайди.

Саёҳат давомида ўқувчилар қўриқхона музейи билан ҳам танишдилар. Унда шу қўриқхонада мавжуд бўлган ўсимлик ва ҳайвонот турлари ҳақида маълумотлар бор.

Ушбу саёҳат ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.

Диёрбек ОРАЗМАТОВ,

Қорақалпоқ давлат университети ахборот ҳизмати ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишининг 1 – босқич талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги