Узоқ вақт хорижда бўлиб Ўзбекистонга қайтган фуқаролар орасида, кейинги пайтларда ОИВ, яъни одамнинг иммунитет танқислиги вируси инфекцияси сезилари даражада қайд этилмоқда. Бу ҳақда “ОИТСга қарши курашиш мақсадида олиб борилаётган ишлар” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Қайд этилишича, хорижда маълум вақт бўлиб, мамлакатимизга қайтган фуқаролар орасида ОИВ инфекциясига чалиниш ҳолатларининг 20 фоизи мигрантлар ҳисобига тўғри келмоқда.
ОИВ бу — Одамнинг Иммунитет Танқислиги вируси бўлиб, фақат одамларда учрайдиган юқумли касалликдир. Касаллик манбаи ОИВни юқтириб олган одам ҳисобланади. Вирус бемор одам организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. ОИВ инфекциясида меъёрда ишлаб турган иммун тизими йиллар давомида вируснинг тажовузини босиб туради. Аммо вирус организмда кўпайиб аста-секин иммун тизимини мутлақо издан чиқаради ва натижада, ОИТС ривожланади.
ОИТС бу — Орттирилган Иммунитет Танқислиги Синдроми бўлиб, одам иммун тизимининг иммунитет танқислиги вируси шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган хасталикнинг сўнгги босқичидир. Шу боис имкон қадар дастлабки босқичнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эгадир.
ОИВ инфекцияси асосан 3 хил йўл билан юқади. Парентериал (қон орқали), жинсий алоқа орқали ҳамда вертикал (онадан болага) юқиши каби ҳолатлар шулар жумласидандир. Ачинарлиси, бугунги кунда Республикамизда Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) касаллиги билан 48 мингдан ортиқ шахслар яшаб келмоқда.
Жорий йилнинг 8 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан “ОИТСга қарши курашиш мақсадида олиб борилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилишича, Республикамизда Ҳукумат раҳбарлигида, ОИВ инфекциясига қарши курашиш чора тадбирлари олиб борилиб, тегишли қарорлар(3493 ва 3800-сонли) қабул қилинган. Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш давомида 63 та туманлараро ОИВ диагностик лабораториялар ОИТСга қарши кураш марказлари тасарруфига ўтказилиб, зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган, ҳар бир вилоят юқумли касалликлар шифохоналари негизида 5 тадан 40 тагача ОИВ беморларга хизмат кўрсатадиган ўринлар ташкил этилган. Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортган. Ҳукуматимиз томонидан дори воситаларини молиялаштириш эса 80% ни ташкил этмоқда.
Шу билан биргаликда, бугунги кунда беморларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида 18 ёшгача бўлган ОИВ инфекциясига чалинган болаларга ижтимоий нафақалар бериб келинмоқда. Республикамизда ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш учун ҳар йили бемор оналардан дунёга келаётган (ўртача 600 нафаргача) болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узлуксиз таъминоти амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 99,7% болаларнинг соғлом бўлишига эришилмоқда.
2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун, 2025 йилга қадар “95-95-95” стратегиясига эришиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган бўлиб, бу стратегияни амалга ошириш учун ОИВга текширувлар сонини янада оширилиши талаб этилади.
Жорий йил якунига қадар эса Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида, хориждан Ўзбекистонга ОИВ(Одамнинг Иммун Танқислиги Вируси)ни олиб кираётган фуқароларни ўз вақтида аниқлаш бўйича самарали ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
М. Эшмирзаева, А.Содиқов, ЎзА