Эртага Самарқандда паратриатлон бўйича илк бор Осиё чемпионати баҳслари ўтказилади. Шунингдек, кўҳна кент триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати ва Осиё кубоги мусобақаларига мезбонлик қилади.

Ўзбекистон Триатлон федерацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва паралимпия қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган мусобақаларга пухта ҳозирлик кўрилди. Бугун мусобақаларда иштирок этувчи спортчилар сузиш ҳавзаси, велошоссе ҳамда югуриш йўлаклари билан танишиб чиқди.

– Паратриатлон бўйича илк Осиё чемпионати Самарқандда ўтказилаётгани биз учун ўзига хос имконият бўлди, – дейди Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, фарғоналик спортчи Илҳом Эшонқулов. – Шу пайтгача ногирон-ампутантлар ўртасида футбол бўйича, ногиронлар ўртасида сузиш баҳсларида иштирок этиб, юқори натижаларга эришганман. Юртимизда ўтаётган паратриатлон бўйича Осиё чемпионатида ўз имкониятларимни синаб кўришга қарор қилдим. Мусобақага тайёргарлик ишлари юқори даражада амалга оширилган. Бугун сузиш ҳавзаси, вело ва югуриш йўлаклари билан танишиб, машғулот ўтказдик. Ҳаммаси халқаро стандартларга мос тарзда ташкил этилган. Насиб этса, бор имкониятимизни ишга солиб юртимизда ўтказилаётган халқаро мусобақа ғолиблигини қўлга киритамиз.

Таъкидлаш жоизки, паратриатлон бўйича Осиё чемпионати иштирокчилари 750 метр масофага сузиш, 20 километр велосипед пойгаси ва 5 километр югуриш баҳсларида куч синашади.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА