Туркиянинг янги ҳукумати аъзолари чоршанба куни қасамёд қабул қилиб, расман вазифаларини бажаришга киришдилар. Бу ҳақда “Анадолу” ёзди.

Маросимда 17 вазир ва вице-президент Жевдет Йилмаз иштирок этди.

Дастлаб Президент Режеп Таййип Эрдоған ва Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби Республика асосчиси, биринчи давлат раҳбари Мустафо Камол Отатурк мақбарасини зиёрат қилди.

– Азиз Отатурк, Туркиянинг янги ҳукумати таркиби сизнинг хотирангизга ҳурмат бажо келтириш учун бу ерга тўпланди, – деб ёзди Эрдоған мақбарадаги меҳмонлар китобида. – Биз Туркиянинг 85 миллионлик халқига хизмат қилиш йўлида фаолиятимизни тинимсиз давом эттирамиз. Ишончимиз комилки, республикамиз ташкил топганига юз йил тўладиган жорий йил мамлакатимиз янада гуллаб-яшнашида бошланғич нуқта бўлади.