Ўзбекистонда бугунги кунда 9 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари бор. Улар тадбиркорлик ва фермерлик, экология, спорт, ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ёшлар, хотин-қизлар, соғлиқни сақлаш, таълим, техника, фан ва илмий-тадқиқот ҳамда бошқа йўналишларда фаолият юритмоқда.
Адлия вазирлигида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги ислоҳотлар” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида 50 дан ортиқ республика даражасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, ҳудудлардан юздан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари онлайн иштирок этди.
Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати бўйича яратилган янги имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Адлия вазирлиги вакиллари томонидан Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги фармони билан тасдиқланган “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” доирасида сўнгги икки йилда амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил ахборот берилди.
Концепция доирасида давлат томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига яратилган имкониятлар сабабли уларнинг фаолияти самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилгани таъкидланди.
Мисол учун, давлат томонидан яратилган имкониялар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларига ташқи манбалардан 2021 йилда 46 миллион АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари келиб тушган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 54 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан фуқаролик жамияти институтларига давлат гранти, субсидия ва ижтимоий буюртмалар шаклида 2021 йилда 75 миллиард сўм ажратилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2022 йилда 97 миллиард сўмни ташкил қилган.
Бундан ташқари, Концепция доирасида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган жами 12 норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шундан тўрт қонун, битта Олий Мажлис палаталари қўшма қарори, иккита Президент қарори, Вазирлар Маҳкамасининг бешта қарори лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2023-2024 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси”да нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар бўйича маълумот берилди.
Давра суҳбати давомида нодавлат нотижорат ташкилотлар билан уларнинг фаолиятлари давомида юзага келган муаммолар, давлат ва жамият бошқарувида ижтимоий шерикликнинг аҳамияти, ушбу йўналишда мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан фикр алмашилди.
Давра суҳбати савол-жавоб тарзида ўтказилиб, соҳани янада такомиллаштириш, таъсирчан жамоатчилик назорати тизимини йўлга қўйиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА