Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Навоий давлат педагогика институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2023-2027 йилларда Навоий шаҳрининг “Ёшлик” МФЙ ҳудудидан ажратилган 15 гектар ер майдонида Навоий давлат педагогика институти кампуси барпо этилади.
Кампусни барпо этиш харажатлари институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, мавжуд бино ва иншоотларини аукцион орқали сотишдан тушадиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар, шунингдек, кампус ҳудудигача ташқи ичимлик ва оқова сув, электр, газ, алоқа таъминоти тармоқлари ва иншоотлари ҳамда йўллар қурилишига масъул вазирлик ва идоралар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Кампуснинг иссиқ сув истеъмоли ҳажмининг камида 25 фоизи ушбу объектда ўрнатиладиган қуёш сув иситиш қурилмалари орқали қопланади.
Талабалар ва профессор-ўқитувчиларга қулай бўлиши учун кампус жойлашган ҳудуд билан Навоий шаҳар марказини боғловчи қўшимча жамоат транспорти йўналиши ташкил этилади.
ЎзА