Мамлакатимизда “Диспансер назоратида турган ҳамда ногиронлиги бўлган болалар саломатлиги ойлиги” бошланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан илк бор ўтказилаётган мазкур ойлик доирасида шу йилнинг 7 июнидан 7 июлига қадар сурункали ва оғир хасталикларга чалиниб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган бемор ўғил-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг таъкидлашича, дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги оилавий поликлиника ҳамда шифокор пунктларининг патронаж ва амалиёт ҳамширалари томонидан ўз участкасидаги диспансер назоратида турган, ногиронлиги бўлган болалар базаси шакллантирилади. Шундан сўнг махсус тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган текширувлар ўтказилади.

Акция доирасида кўп тармоқли марказий поликлиникалар мутахассислари жалб қилинган ҳолда оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктларида тиббий кўрик ташкил этилади. Хонадонларда тиббий-диагностика муолажалари амалга оширилади. Зарурат бўлганда КТМПда текширувлар ўтказилади.

Шунингдек, тиббий кўрикларга Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларининг энг малакали мутахассислари жалб этилади.

Текширувларда аниқланган касалликлар бўйича ҳар бир бола саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилиб, улар учун алоҳида соғломлаштириш режаси тузилади.

Унга кўра, бемор болаларнинг бир гуруҳи уй шароитида, бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор ҳолатда стационар ёрдамга муҳтож беморлар туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади.

Шунингдек, юқори технологик тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор болаларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.

 

ЎзА