Мамлакатимиз бўйлаб “Янги Ўзбекистон – ёшлари, бирлашайлик” шиори остида “Ёшлар ойлиги” катта муваффақият билан ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида Қорақалпоғистон Республикасида туркум маърифий тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Қораўзак туманида ”Маърифат соати” ташкил этилди.
Тадбирда Қораўзак тумани ҳокими Узоқберген Утамбетов мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятлар кўлами тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади.
– Республикада Қораўзак ёшларининг алоҳида ўрни бор, – деди туман ҳокими У.Утамбетов. – Сабаби, ёшларимиз нуфузли танловларда ғолиб бўлиб, юртимиз обрўига обрў қўшмоқда. Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Хусусан, туманимизда “Металлургия” заводи очилди. У ердаги 100 нафар ёшга олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёз берилгани эътиборга моликдир.
Тадбирда театр усталари томонидан саҳна асари намойиш этилган бўлса, бахши ва хонандалар миллий руҳдаги қўшиқларни ижро этишди.
Шундан сўнг тарғиботчилар “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда шахмат мусобақаси меҳмони бўлди.
Куннинг иккинчи ярмида “Маърифат” тарғиботчилари ҳам туман ёшлари, ижодкорлар иштирокида “Уч авлод” учрашувини ташкил этди. Унда халқ севган ижодкор, маҳоратли актриса Ҳакима Отахонова саҳна асари намойиш этиш билан бирга қорақалпоқ ёшлари билан самимий мулоқот қилди. Санъаткор ёшларимизнинг билимга чанқоқ эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Қорақалпоғистондек ерлари осмонларга туташиб кетган ажойиб ва бағрикенг диёр одамларининг урф-одатлари, она тилига бўлган эҳтироми, сўзлашиш маданияти ва ўзига бўлган ишончи мени ҳайратлантирди. Бу — оловқалб ёшларнинг билимли, теран маънавиятли эканлигидан далолатдир, – деди Ҳакима Отахонова.
Н.Усмонова,
ЎзА