“Financial Times” хабар беришича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен шу ой ичида Хитойга ташриф буюради. Газета хабарига кўра, бу воқеа Пекин ва Вашингтон муносабати барқарорлашганидан дарак беради. Икки томонлама алоқа сўнгги ўн йилликларда энг паст даражага тушган эди.

Нашр эслатишича, мазкур ташриф бир неча ой аввал амалга оширилиши керак эди. Блинкен АҚШ осмонида Хитой шари пайдо бўлиши туфайли сафарини бекор қилганди.

“Президент Жо Байден ва Хитой Раиси Си Цзиньпин ўтган йил ноябрь ойида Балида бўлиб ўтган “G20” саммитида муносабатни меъёрига келтириш бўйича келишган эди”, дейилади хабарда.

Бинобарин, Давлат департаменти Блинкеннинг Хитойга бўлажак ташрифини ҳали тасдиқламади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу маълумотга изоҳ беришни хоҳламаган.

ЎзА