Ўзбекистон Республикаси Президентининг Италия Республикасига расмий ташрифи арафасида 6 июнь куни Рим шаҳрида қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди. Анжуманда тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, икки давлат етакчи ишбилармон доиралари вакиллари, жами 200 дан зиёд мутахассис иштирок этди.
Бугунги кунда Италия ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлиги тобора ривожланмоқда. Юртимизда ушбу давлат билан қўшма корхоналар сони мунтазам ортмоқда, товар айланмаси кўлами кенгаймоқда.
– Мазкур бизнес-форум мамлакатларимиз учун улкан иқтисодий воқеа, – дейди Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостино Пинна. – Тадбир иқтисодий муносабатимизга янги куч бериши шубҳасиз. Бу изчил ҳамкорликнинг бошланиши. Ишончим комилки, Шавкат Мирзиёевнинг Италияга тарихий ташрифидан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали дўстона ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади.
Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли Италия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Президентнинг Италияга расмий ташрифи – тарихий воқеа, сиёсий ва бизнес масалаларига бой кун тартиби, кўп томонлама шерикликни ривожлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар эса муносабатларимиз юксак даражасининг ифодаси эканини эътироф этди.
– Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасидаги кўприк, шериклик нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга, улкан салоҳиятга эга давлат, – деди жаноб Чириелли. – Биз давлатингиз дунё тараққиётига муносиб ҳисса қўшишини қўллаб-қувватлаймиз ва кўп томонлама муносабатни чуқурлаштиришга тайёрмиз. Тадбиркорлар замонавий технология, юқори сифатли маҳсулотлар таклиф этиб, катта қизиқиш билдириб, ҳамкорлик қилишга тайёр. Демак, ўзаро ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришимиз керак.
Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов форум иштирокчиларига қутлов сўзи билан мурожаат қилар экан, ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг бор имкониятини муҳокама қилиш нуқтаи назаридан бундай миқёсдаги тадбирларни ўтказиб туриш муҳимлигини, мамлакатимиз Европа Иттифоқидаги энг йирик савдо шериклардан бири – Италия билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Савдо ва инвестиция, саноат кооперацияси соҳасида эришилган натижалар тилга олинди. Хусусан, сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонга жалб этилган Италия инвестицияси миқдори етти, мамлакатимизда фаолият юритаётган Италия капитали иштирокидаги корхоналар сони эса икки баробар ошди. Асосий ҳамкорлар орасида «Danieli», «Pietro Fiorentini», «Terranova», «Fin opera» компаниялари тегишлилигича металлургия, электротехника саноати, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритмоқда. Буларнинг бари икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганидан, Ўзбекистон – Италия муносабати мазмун ва самарадорлик жиҳатидан юксалиб бораётгани ифодасидир.
Бизнес-форумда Италия компаниялари раҳбарларига Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизда тадбиркорлик ва хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ҳақида сўзлаб берилди.
Тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металлургия, кимё ва автомобилсозлик, электроника узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.
Тадбир давомида В2В ва G2ВБ шаклида учрашувлар ўтказилиб, ишбилармон доиралар вакилларига аниқ инвестиция ташаббусларини биргаликда ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатини муҳокама қилиш имкони яратилди. Иқтисодиётнинг драйвер йўналишлари, инвестициявий салоҳиятни акс эттирувчи реал ҳолатлар муҳокама қилинди.
Форум якуни бўйича энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, чарм-пойабзал, тўқимачилик ва машинасозлик саноати, экология, транспорт ва логистика, шунингдек, банк секторини қамраб олган инвестициявий битимлар, савдо шартномалари имзоланди.
Назокат Ражабова,
ЎзАнинг Италиядаги мухбири