Қозоғистон пойтахтида 8-9 июнь кунлари давлат раҳбари иштирокида “Мулоқот орқали қийинчиликларни енгиш: ҳамкорлик, ривожланиш ва тараққиёт йўлида” мавзусида Остона форуми бўлиб ўтади, деб хабар берди “Казинформ” агентлиги.
Қутблашиш сари интилиш тобора кучайиб бораётган бир пайтда Қозоғистон халқаро ҳамжамиятни асосий глобал муаммоларни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатни бирлаштиришга чақириш мақсадида янги платформа – Остона халқаро форумини таклиф этмоқда.
Анжуманда мингдан зиёд делегат иштирок этади. Юз нафар маърузачи 40 дан ортиқ сессия ишида қатнашади.
Тадбирга хорижий ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, бизнес ва илмий доира вакилларидан иборат делегациялар келиши кутиляпти. Улар орасида Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристалина Георгиева, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, БМТ Бош котиби ўринбосари, Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссия ижрочи котиби Армида Салсиа Алисжабана каби таниқли шахлар қайд қилинган.
Форумда тўрт асосий мавзу – иқтисодиёт ва молия, энергетика ва иқлим ўзгариши, халқаро ривожланиш ва барқарорлик, ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик масалалари кўриб чиқилади.