Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида ўтаётган қитъа чемпионатининг учинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари сермаҳсул натижага эришди.

Бугун, 6 июнь кунги беллашувларда ҳамюртларимиз 4 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Барнохон Сайфуллаева (баландликка сакраш, 1.84 м.) Хушноза Шавкатова (уч ҳатлаб сакраш, 13.07 м.), Дилшода Усмонова (стипл-чез, 10:22.402), Ўғилой Норбоева (кўпкураш, 5130 очко) ўз йўналишларида олтин медалларни қўлга киритиб, ватанимиз спорт шуҳратини улуғлади. Шунингдек, Нодир Норбоев (6956 очко) ҳамда Самандар Маҳмудов (6840) шиддатли баҳслар натижасида кумуш ва бронза медалларига эга чиқди.

Ортда қолган мусобақалар якунига кўра, терма жамоамиз жамғарган медаллар сони 4 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалларини ташкил этмоқда. Ушбу натижа Ўзбекистон енгил атлетикачиларини медаллар жамғаришда Япония, Хитой ва Ҳиндистон терма жамоалари қаторига яқинлаштирди.

 Т. Рўзиев, ЎзА