Норвегиянинг Ставангер шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Norway Chess“ турнири кутилмаган натижаларга бой бўлмоқда.
Турнирнинг 5-тур ўйинларидаги натижалар ҳолатида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Гукеш билан кечган ўйинда 1 очко олишга эришган бўлса-да, қўшимча вақтда ўтказилган ўйинда ҳинд шахматчисига имкониятни бой бериб қўйди.
Бешинчи турнинг драматик бурилиш нуқтаси озарбайжонлик Шаҳриёр Мамедяровга тегишли бўлди. 4-турдан кейинги вазиятда 9-ўринда бораётган Шаҳриёр мусобақа пешқадами Фабиано Каруана билан куч синашди ва шов-шувли тарзда ғалабага эришди. Бу Шаҳриёр Мамедяровнинг 7 очкога эга бўлган ҳолда 4-ўринга кўтарилиб олишини таъминлади.
Халқаро турнирнинг 6-тур остонасида Каруана 10,5 очко билан пешқадамликни сақлаб қолаётган бўлса, 2-ўринда бораётган Накамура 9,5 очкога эга бўлиб турибди.
Бугун, 5 июнь кунги 6-тур ўйинларида шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Фабиано Каруанага қаршилик кўрсатса, Гукеш – Аниш Гири, Арян Тари – Магнус Карлсен, Алиризо Фируджа – Хикару Накамура, Шаҳриёр Мамедяров – Уэсли Со ўртасидаги баҳслар бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА