Жорий йил 31 май куни Президентимизнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Шунга кўра, Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди. Шунингдек, 2023 йил 1 июлдан “Жамоатчилик экология назоратчиси” тизими жорий қилинади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ҳамда унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилди. Вазирликда алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилди.

2023 йил 1 декабргача туманларда (шаҳарларда) атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилади. 2025 йил якунигача республика ҳудуди бўйича атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларни прогнозлаш ва аҳолини барвақт огоҳлантириш тизими синов тариқасида жорий этилади. 2024 йил якунигача ҳудудларни экологик баҳолаш бўйича индикаторлар асосида “eco-indicator.uz” рейтинги шакллантирилади ва ҳар бир ҳудуднинг экологик паспорти эълон қилинади. Бундан ташқари, Миллий табиий мерос объектлари рўйхати жорий этилади.

2024 йилдан қуйидагилар учун ҳар йили 500 миллиард сўм ажратилади: – “яшил белбоғ”, “яшил боғ” ва “яшил жамоат парк”лар ҳамда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ва доимий фойдаланувчига топширилгунга қадар сақлаб туриш; – асосий темир йўл ва магистрал автойўллар бўйида дарахт кўчатларини экиш; – ҳар бир туман ва шаҳарда 5 гектардан кам бўлмаган майдонларда боғлар барпо этиш. 2023 йил якунигача ҳар бир давлат ташкилоти ва ҳокимликнинг ўз боғлари ташкил этилади ҳамда 3 йил давомида парваришланади.

2024 йил 1 январдан уй шароитида ёки касаначилик асосида дарахт ва бута кўчатларини (ниҳол) етиштириш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) ҳисобланади.

ЎзА