Хабар берганимиздек, шу кунларда Норвегиянинг Ставангер шаҳрида шахмат бўйича мукофот жамғармаси 2 500 000 Норвегия кронасидан иборат “Norway Chess“ турнири давом этмоқда.

Кеча мусобақанинг 2-турида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов норвегиялик Арян Тарига қарши қора доналарда ўйин ўтказди. Шиддатли кечган баҳс якунида Нодирбек рақибини мағлуб этди. Ушбу ғалабадан кейин Абдусатторов 4 очкога эга бўлган ҳолда халқаро турнирдаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олди.

Турнир жадвалини 4,5 очкога эга америкалик Фабиано Каруана бошқариб бораётган бўлса, 2- ва 3-ўринларни 4 очкога эга АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Хикару Накамура ҳамда юртдошимиз Абдусатторов банд этган. Улардан кейинги қаторда бораётган Франция вакили Алиризо Фируджа ва ҳиндистонлик Гукеш 3 очко жамғарган.

Бугун, 1 июнь куни халқаро турнирнинг 3-турида Нодирбек Алиризо Фируджа билан куч синашади. Ҳамюртимиз ўйинни оқ доналарда ўтказади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА