Аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, норасмий бандлик улушини қисқартириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамиятга эга.
Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Қонун билан Солиқ кодексига ва “Томорқа хўжалиги тўғрисидаги” қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммасининг амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан, эндиликда йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида солиқ тўлаши белгиланмоқда.
Чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъий назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланмоқда.
Шу сабабли “Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонундан ер участкаси майдонига қўйилган талаблар чиқариб ташланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандликни қисқартиришга, расмий иш билан банд бўлганлар сони ошишига ҳамда фуқароларнинг иш стажига эга бўлишига ва пенсия ёшига етганда ўзи учун мақбул пенсиянинг таъминланишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА