Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала ҳамда Европа Иттифоқининг терроризмга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчиси Илкка Салми билан учрашди.

Мулоқот давомида мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи билан муносабатларининг турли йўналишлари, жумладан,  парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Сенат Раиси Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кейинги йилларда турли даражадаги мулоқот фаоллашганини таъкидлаб, Европа Иттифоқи делегациялари, хусусан, Европа Кенгаши, Европа Иттифоқи комиссияси ва Европа парламенти вакилларининг Ўзбекистонга амалий ташрифлари, мамлакатимиз ҳукумати ва парламенти вакилларининг эса Европа Иттифоқига ташрифлари амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди.

– Биз Ўзбекистон ва Европа парламенти ўртасидаги парламентлараро алоқаларни ривожлантиришда кузатилаётган ижобий динамикани давом эттириш тарафдоримиз, – деди  Т.Норбоева. – Бу борада “Ўзбекистон – “Европа Иттифоқи” Парламент ҳамкорлиги қўмитаси доирасида ташкил этилган мулоқот муҳим ўрин тутади.

Меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматида фаол иштирок этаётганини эътироф этди.

–Савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, Европа Иттифоқининг етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб этишга катта аҳамият берилади, – деди Т.Хакала. – Европа Иттифоқи Ўзбекистонда кечаётган туб демократик янгиланишларни тўла қўллаб-қувватлайди, бу борада барча соҳаларда халқаро умумэътироф этилган принципларга содиқлигини  олқишлайди. “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” мулоқотини амалий мазмун билан янада бойитиш тарафдоримиз.

Учрашув якунида муҳокама этилган масалалар бўйича ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА