Россиянинг Иркутск вилоятида мамлакатимиз ишбилармон доираларининг халқаро кўргазмаси доирасида ташкил этилган бизнес мулоқотда икки томоннинг 20 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирок этди.
Тадбир Иркутск вилояти Иқтисодий ривожланиш ва саноат вазирлиги молиявий кўмагида Шарқий Сибирь Савдо-саноат палатаси томонидан “Халқаро кооперация ва экспорт” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Анжумандан кўзланган асосий мақсад Иркутскдан қурилиш материаллари етказиб берувчи ҳамкорлар топишдан иборат.
– Ўзбекистон муҳим ҳамкорларимиздан бири, – дейди Иркутск вилояти иқтисодий ривожланиш ва саноат вазири ўринбосари Марина Петрова. – 2022 йил ва жорий йил биринчи чоракда вилоятимиздан Ўзбекистонга амалга оширилган экспорт ҳажми икки ярим баробар ошди. Ўтган йил фаол ҳамкорликни бошлаб, икки марта бизнес учрашуви ташкил этдик. Келгусида логистика харажатини мувофиқлаштириш, янги бозорларни ўзлаштириш учун янада яқин алоқа ўрнатиш ва бу йўлда энг қулай ечимлар топиш зарур.
Музокарада қурилиш материаллари соҳасида ҳамкорлар топиш мақсадида қурилиш материаллари улгуржи савдосига ихтисослашган “VIP-IN-CON” МЧЖ, ёқилғи-энергетика ва кимё соҳасида фаолият олиб борувчи, ижтимоий инфратузилма объектларини комплекс лойиҳаловчи хорижий инвестиция асосидаги корхона “UzLITI Engineering” МЧЖ ҳамда Ўзбекистонга қурилиш материаллари ва ускуналарини улгуржи етказиб берувчи, Марказий Осиёга логистика хизматлари кўрсатувчини “Alex-Yasin Ecology” МЧЖ вакиллари иштирок этди.
Таркибида нефть бўлган тупроқ ва чиқиндини утилизация қилиш хизмати, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги учун электр ускуналари ва автотиркамалар ишлаб чиқариш, тоғ-кон ускуналари етказиб бериш, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш билан шуғулланувчи компания вакиллари Ўзбекистонга ушбу маҳсулот ва хизматларни экспорт қилишга қизиқиш билдирди.
Мулоқот биржаси доирасида Иркутск вилоятининг “ИНТОП ПРО” компанияси бош директори Константин Садовский ва юртимиздаги “VIP-IN-CON” МЧЖ раҳбари Никита Тарасенко ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома тузилди. “ИНТОП ПРО” компанияси саноат бетон поли, полимер қомплама, гидроизоляция учун материаллар етказиб бериш, “VIP-IN-CON” МЧЖ эса турли қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланади.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Иркутск кулолчилик заводи ва “Палп-Норд” компаниялар гуруҳи ишлаб чиқариш майдончасида ҳам бўлдилар.
Бу Ўзбекистон ва Иркутск вилояти компаниялари вакилларининг илк учрашуви эмас. Ўтган йил июнда Иркутск вилояти ишбилармонлари мамлакатимизга ташриф буюришди, юртимиз тадбиркорлари ҳам октябрь ойида Иркутск вилоятида бўлди. Тез орада Иркутск глюкометр учун синов таёқчаси ишлаб чиқарувчи корхона Ўзбекистон бозорига кириб келади.
Шарқий Сибирь Савдо-саноат палатаси
матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
ЎзА