ЎзА мухбирининг саволларига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов жавоб берди.

– “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи босқичи якунланди. Ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш тартиби қандай?  

– «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг жорий йилги биринчи мавсуми апрель ойида якунланди. Ҳаммамизга маълум, қурилиш ва таъмирлаш ишлари ўз-ўзидан бўлмайди. Энг аввало, лойиҳа-смета ҳужжатларини шакллантириш керак. Лойиҳа-смета ҳужжатлари шаклланганидан сўнг ишларни амалга оширадиган пудратчи ташкилотларни аниқлаш зарур. Бу ишларни амалга ошириш учун, албатта, вақт керак. Шу сабабли, «ишимиз ҳалигача бошланмади, маблағ ажратилмади» ёки «қурилиш ишлари кечиктирилмоқда» сингари эътироз ва гумонлар туғилмоқда. Қонунчиликда белгиланган муддат асосида ҳужжатларни расмийлаштириш ва пудратчиларни аниқлаш белгилаб берилган. Одамларга пудратчилар аниқланганидан сўнггина ишлар амалга оширилишини тушунтириб келяпмиз.

– Нима сабабдан овоз йиғиш жараёнида кўпроқ ўқитувчилар ва мактаб директорлари қатнашяпти?

– Айрим ҳудудларда шундай вазиятлар кузатилган бўлиши мумкин. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорга кўра, эндиликда, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида овоз беришга мажбурлаш мажбурий меҳнат сифатида қайд этилиши белгилаб берилди.

 

Н.Раҳмонова, Ё.Мелибоев (видео), ЎзА