Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг Мадрид шаҳридаги қароргоҳида 16-20 октябрь кунлари ташкилот Бош ассамблеясининг юбилей сессиясини Самарқандда ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати ва ташкилот ўртасида битим имзоланди. Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизматига кўра, шу муносабат билан бўлиб ўтган мулоқот давомида мазкур нуфузли ва халқаро миқёсдаги тадбирни юқори савияда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили, Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори Азиз Абдуҳакимов Самарқанд шаҳрида UNWTO Халқаро туризм академиясини ташкил этиш юзасидан меморандум имзолади.
Мамлакатимиз тарихида илк маротаба БМТ оиласига кирувчи халқаро ташкилот Бош ассамблеясини қабул қилиш йўлида яна бир муҳим қадам ташламоқда. Бош ассамблея Ўзбекистоннинг бой маданияти, туризм салоҳияти, сармоявий жозибадорлигини жаҳон ҳамжамиятига кенг намойиш этиши билан бирга халқаро туризм индустрияси учун янги даврни очиб берувчи тадбирга айланади.
Аслида бу ташаббус хусусида давлатимиз раҳбари ва ташкилот Бош котиби ўртасида кечган учрашувда илгари сурилган ва юртбошимиз томонидан қўллаб-қувватланган эди.
Ўз навбатида Самарқандда Халқаро туризм академиясининг ташкил этилиши UNWTO ва Ўзбекистон ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, туризм соҳасида халқаро миқёсдаги мутахассисларни тайёрлаш имконини яратади.
Энг муҳими, хориж тажрибасини пухта ўрганиб, бойитиб, амалиётга татбиқ этиш учун халқаро майдон яратилади.
Н.Усмонова,
ЎзА